Разведкачиларнинг тўсиқли йўлагини енгиш, гранатани габаритга тушуриш, нишонларга қарата пневматик милтиқдан ўқ узиш ва яна бир қанча синовларга бой бўлган янгича ҳарбий мусобақанинг илк ғолиблари аниқланди.
19 октябрь куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги ташаббуси билан Нукус шаҳридаги 10 та мактабнинг юқори синф ўқувчилари ўртасида округ қўшинлари қўмондонининг кубоги учун “Ёш ватанпарварлар” ҳарбий спорт эстафетаси ўтказилди, дея хабар қилди Шимоли-ғарбий ҳарбий округи матбуот хизмати.
Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросига бағишланган мазкур мусобақа ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, спортга қизиқишини орттириш ҳамда катта ҳаётга тайёрлаш мақсадида ташкил этилди. Мусобақани округ қўшинлари қўмондони полковник Д.Чориев очиб берди ва беллашув иштирокчиларини қутлади.
“Сизлар бизнинг ҳам фарзандимиз. Шу сафда турган ҳар бир ўғил-қиз қўмондоннинг фарзанди. Биз сизларнинг спорт йўналишида, жумладан ҳарбий эстафеталарда иштирок этишларингиз учун қўлимиздан келганча ҳамма шароит яратамиз”, – деди полковник Дилшод Чориев.
Нукус гарнизони ҳудудида жойлашган мини-полигонда қизғин баҳс ва мунозараларга бой ўтган эстафета ёшларнинг жамоа бўлиб ҳаракат қила олишини кўрсатиб берди. Мусобақа шартига кўра иштирокчилар разведкачиларнинг тўсиқли йўлагидан ўтиб, БТР-80 қуролининг мўлжалга олиш оптик мосламасини нишонга тўғирлаш, автоматни нотўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиши ҳамда ўқдонни ўқ дорилар билан тўлдириши, гранатани белгиланган жойга тушуриши, пневматик милтиқдан мерганлик маҳоратини синовдан ўтказиши, оммавий қирғин қуролларидан ҳимоя воситаларини кийиши, шартли ярадорга тиббий ёрдам кўрсатиши ва радиоалоқани ишга ҳозирлаши зарур эди.
Ҳар бир жамоадан 3 нафар ўғил ва 3 нафар қиз болалар қатнашган баҳслар давомида иштирокчиларнинг ғалабага бўлган ишончи охирги дақиқаларгача сезилиб турди. Барча меъёрларни бажаришда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида тўсиқлар олдида ҳарбий хизматчилар назоратни амалга оширди.
Якуний натижаларга кўра Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг кубоги учун кечган беллашувда Нукус шаҳридаги 19-умумтаълим мактаби ўқувчилари ғолиб бўлди. Иккинчи ўринни 36-мактаб ўқувчилари ва учинчи ўрин 17-мактаб жамоасига насиб этди.
Ғолиб ва совриндор жамоалар ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг кубоги, эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар билан тақдирланди.
Ҳарбий спорт эстафета доирасида ёшлар учун қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника намойиши ҳамда концерт дастури бўлиб ўтди. Округ қўшинлари қўмондонлигининг моддий таъминот бўлинмалари томонидан икки юз нафардан зиёд ёшлар учун мобил дала ошхонасида ҳарбийча тушлик ташкил этилди.
Сайтимизнинг телеграмдаги каналига аъзо бўлинг: https://t.me/karinformuz