Суд – жамиятда қонун устуворлиги ва адолат барқарорлигини таъминловчи, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилувчи, одил судловни амалга оширувчи мустақил ҳокимият тармоғи ҳисобланади.
Шу боис Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил 13 июнь куни вазирликлар ва идоралар раҳбарлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари, сенаторлар, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзолари, Олий суди, фуқаролик, жиноий, ҳарбий, иқтисодий ва маъмурий судлар судьялари, ҳудудий ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари, жамоатчилик ташкилотлари раҳбарлари иштирокида суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифалар тўғрисида видеоселектор шаклида мажлис ўтказилди.
Мажлисда мамлакатимизда суд тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар, бу борадаги камчилик ва муаммолар танқидий қайта кўриб чиқилиб, унинг натижадорлигини тубдан яхшилаш, муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақида атрофлича фикрлашилиб, амалий вазифалар белгиланиб олинди.
Муҳтарам Президентимиз ўз маърузаларида Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида суднинг чинакам мустақиллигини таъминлаш алоҳида устувор йўналиш этиб белгиланганлигини, Конституциямизнинг 7 та моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартишлар киритилганлигини, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий органи сифатида давр талаблари асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди янгидан шакллантирилганлигини таъкидлади.
Шунингдек, мажлисда судлар инсон манфаатларини ҳар томонлама таъминлаш учун аввало одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиши, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-умидлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши, шунингдек, “Одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди” деган сўзларда катта маъно борлигини барча судьялар яхши англаб олишлари кераклиги, судья – адолат посбони эканлиги, шунинг учун ҳам судьялар қабул қилаётган ҳар бир қарорининг қонуний ва адолатли бўлиши ҳақида чуқур ўйлаши зарурлиги, бу борада суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, одил судлов фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини сўзсиз таъминлаш, далиллар ишончли, қонуний йўл билан олинган ва ишга алоқадор бўлиши, далиллар мақбуллиги тамойилини амалда таъминлаш, айниқса, турли тазйиқлар остида олинган кўрсатмалардан далил сифатида фойдаланишга мутлақо чек қўйиш чораларини кўриш лозимлиги таъкидланди.
Муҳтарам Президентимиз бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш энг муҳим вазифа бўлиб қолаётганини, айниқса, фуқароларнинг суд идораларида сарсон-саргардон бўлишининг олдини олиш, ишларни ўз вақтида кўрмасдан, одамларни овора қилган суд ходимларига муносиб баҳо бериш зарурлигини қатъий таъкидлади.
Ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиши, судья лавозимида фаолият кўрсатаётган суд ходимлари ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши, суднинг тарбиявий-профилактик ролини ошириш учун маҳаллаларда, иш ва хизмат жойларида, таълим муассасаларида сайёр суд мажлислари ўтказиб, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини кенг муҳокама қилиш мақсадида камида 30 фоиз ишларни сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш лозимлиги ҳақидаги фикрларни илгари сурди ва булар мажлис иштирокчилари томонидан тўлиқ маъқулланди.
Тадбирда яна бир муҳим таклиф - халқ олдида обрў-эътибор қозонган судьяларнинг ҳаёт йўли, одил судловни амалга оширишдаги ижобий тажрибани оммалаштириш учун «Судьялар клуби» ва «Суд ҳимоясида» рукнлари остида марказий телеканаллар ва газеталарда мунтазам равишда туркум кўрсатув ва мақолалар эълон қилиб бориш ҳақидаги амалий фикр илгари сурилди ва йиғилиш иштирокчилари томонидан маъқулланган эди.
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан 2017 йил давомида оммавий ахборот воситалари орқали 165 та ҳуқуқий тарғиботлар ўтказилди шундан, 42 та телеведение, 74 та радио, 43 та газета, 6 та журнал, 266 та маъруза суҳбатлар, 86 та давр суҳбатлари, 3 та семинарлар ва 2 та конференциялар ўтказилди.
2018 йил давомида оммавий ахборот воситалари орқали 218 та ҳуқуқий тарғиботлар ўтказилди шундан, 32 та телеведение, 77 та радио, 95 та газета, 11 та журнал, 274 та маъруза суҳбатлар, 83 та давр суҳбатлари, 27 та семинарлар ва 6 та конференциялар ўтказилди.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида оммавий ахборот воситалари орқали 194 та ҳуқуқий тарғиботлар ўтказилди шундан, 39 та телеведение, 66 та радио,
67 та газета, 8 та журнал, 176 та маъруза суҳбатлар, 70 та давр суҳбатлари,
9 та семинарлар ва 2 та конференциялар ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси судларида 2017 йил давомида жами 12769 та иш кўрилган бўлиб шундан 8262 таси сайёр судларда кўрилган.
2018 йил давомида 16563 та иш кўрилган бўлса, шундан 13563 таси сайёр судларида кўрилган.
2019 йилнинг 9 ойи давомида 5779 та ишлар кўрилган бўлса, шундан 3906 та ишлар сайёр судларда кўрилган.
Муҳтарам Президентимиз томонидан таъкидланган фикр-мулоҳазалар ва берилган тавсиялар келгусида судлар фаолияти учун ғоят муҳим дастур бўлиб хизмат қилади ва уларнинг амалдаги ижроси халқимизнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончининг янада ошишига, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-умидлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билишларига муҳим омил бўлади.
Т.Асенбаев,
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди девонхона мудири.Сайтимизнинг телеграмдаги каналига аъзо бўлинг: https://t.me/karinformuz