
Швеция
Швед оилалари болага кичкина пайтидан бошлаб катта одам сифатида қараб, эркин тарбиялашга ҳаракат қилади. Болаларни қаттиқ жазолаш бекор этилган, бундай ҳаракат жиноят билан тенг. Шу туфайли, ҳар бир швед боласи ота-онаси унга қўл кўтарса, полицияга мурожаат қилишга ҳуқуқли. Бундай ҳолатда ота-онага маъмурий жазо қўлланилади.
Япония
Япониянинг кўпчилик макктабларида ошхона йўқ. Болалар тушлик овқатини уйидан махсус идишга солиб олиб келади. Ўқитувчилар эса, болаларнинг уйидан олиб келган овқатларининг сифатини текшириб кўради. Шу туфайли, япон оналари болаларига қандай фойдали овқат пишириб бериш кераклиги бўйича махсус курсларга қатнайди.
Ҳиндистон
Ҳиндлар болаларини қаттиқ ушлайди. Уларда ота-она билан бола ўртасидаги дўстона муносабатни камдан-кам кўрасиз. Болалар кичкина пайтларидан бошлаб ота-онасининг хоҳишиги бўйсиниб яшайди.
Германия
Германия мактабларида экскурсия дарслари тез-тез ташкил қилинади. Бу аввалдан бор тартиб ҳисобланади. Масалан, ўқитувчи бугунги дарсда шоколад ва унинг таркиби тўғрисида дарс ўтса, келгуси дарсда улар шоколад фабрикасига экскурсияга боради ва билимларини амалиётда мустаҳкамлайди.
Афғонистон
Боланинг, айниқса, ўғил боланинг дунёга келиши ушбу халқ учун катта байрам. Бой оилалар катта қилиб тўй беришади. Қишлоқда боланинг ҳурматига ноғоралар чалиниб, қурол билан осмонга ўқ отишади.
Хитой
Хитойда болалар тарбиясида доацизмнинг васиятларидан фойдаланишади. Масалан: «Болага мазали нарса берганда, у ҳаммасини олишдан бош тортади. Чунки, мен ҳали кичкинаман, шу сабабли, менга озгина бўлаги ҳам етади» каби васиятлар қўлланилади. Бу болаларни қаноатли, меҳрибон, инсонпарвар қилиб тарбиялашда аҳамиятли, деб ҳисоблайди.
Франция
Францияда бола дунёга келмасдан олдин унинг тарбияси бошланади. Бола туғилмасдан аввал оила аъзолари ота-боболарининг таваллуд топган жойига кўчиб ўтишади ва ўша ерда бола уч ёшга тўлгунча яшайди. Бу уларни ватанпарвар қилиб тарбиялашда муҳим ҳисобланади.
Бразилия
Бразилияда болани ўғил ёки қиз деб ажратиб ўтирмай, беш ёшгача бирга тарбиялайди. Беш ёшдан сўнг уларни ажратиб, ўғил билан ўғилнинг, қиз билан қизнинг дўстлашишига имконият беришади.
Лаос
Лаосликлар болаларини ўзлари эмас, қариндош-уруғлари тарбиялаганини маъқул кўришади. Болалари уйланадиган пайтда ҳам ота-онасининг эмас, биринчи навбатда, қариндошларининг рухсатини олади.
АҚШ
АҚШда «ҳар бир бола алоҳида яшашга ўрганиши керак» деган қоида асосий ҳисобланади. Шу туфайли, ота-оналар болаларининг хоҳишига қарши бора олмайди. Улар ота-онаси билан клубга бирга бораман деса, олиб боришади.
Ислам Матеков.