Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети докторанти Орол денгизининг қуриган тубида юзага келган тузли чангларнинг ҳавога кўтарилишини тўхтатиб турувчи полимерли бирикма яратди. Бу ҳақда университетнинг доривор ўсимликлар агроэкологияси ва интродукцияси кафедраси профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори М.Ибрагимов 28 ноябрь куни Нукус давлат педагогика институтида бўлиб ўткан «Жанубий Оролбўйи биологик хилма-хиллигини сақлаш, қайта тиклаш ва ҳимоя қилишнинг экологик масалалари» мавзусидаги илмий-назарий конференцияда маълум қилди.
Олимнинг айтишича, ҚМУ-1, ҚМУ-2 деб номланган полимерли бирикма шўрланган тупроқ ва чўл ерларни 8 мм қалинликгача қотириб қўяди. Бу 3 йилгача ўша ҳолда сақланади. Натижада денгизнинг қуриган тубидаги ерлардан кўтариладиган тузли чанглар кўтарилишининг олди олинади.
Конференцияда денгизнинг қуриган тубида чўл ўсимликларини экиб кўпайтириш ва янги яйловлар яратиш масалалари бўйича баёнот қилган олим шу йилнинг 27 май куни содир бўлган тузли чангларнинг кўтарилиши тўғрисида айтиб ўтди.
- Ушбу кўтарилган тузли чанг Орол денгизининг қуриган тубидаги тузлардир. Унинг таркибида натрий хлорид ва магний сульфат каби кимёвий бирикмалар мавжуд эканлиги аниқланди. Тузли чанг ўсимликлар баргларида 28 кунгача сақланиб қолди, - деди М.Ибрагимов.
Ислам Матеков.Сайтимизнинг телеграмдаги каналига аъзо бўлинг: https://t.me/karinformuz