Бугунги кунда жаҳон жамоатчилигида «энг катта ҳал қилувчи муҳим куч», деб қаралаётган ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён қилиш, уларнинг фуқаролик жавобгарлигини ва олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлигини ошириш борасида юртимизда улкан ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Yoshlar – kelajagimiz» Давлат дастури тўғрисида» 2018 йил 27 июнда қабул қилинган ПФ-5466-сонФармони бу соҳада муҳим ҳужжат бўлди.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилди. Жамғарма томонидан ёшлар тадбиркорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёшларни бизнес билан шуғулланишга фаол жалб қилиш орқали янги иш ўринлари яратишборасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Янгича фикрловчи, замон билан ҳамнафас юртдошларимиздан бири ёш тадбиркор Алимов Бобур манзилли рўйхат асосида «Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси Беруний туман филиали томонидан ажратилган йиллик 7 фоизли ставкада 50 млн сўм миқдорда имтиёзли кредит олиб, автомактаб нодавлат таълим муассаси фаолиятини йўлга қўйди. Бу ҳақда бизга «Yoshlar – kelajagimiz» Беруний туман филиали бош мутахассиси Т.Матякупов хабар берди.
Фаолиятини бошлаганига эндигина 3 ой бўлган Бобур бугун «ZIYO NUR OʻQUV AVTO» Нодавлат талим муассаси раҳбари, 14 та янги иш ўрни яратган тадбиркорга айланди. Муассасада дастлабки ташкил этилган 3 та гуруҳ ўқувчиларига малакали устозлар автомобил бошқариш қонун-қоидалари бўйича таълим бермоқда.
«Yoshlar – kelajagimiz» жамғармаси томонидан яратилаётган имкониятларга ижобий муносабат билдирган лойиҳа ташаббускори жумладан шундай деди: «Асосийси, олдимизга қўйган мақсадга эришиш учун яратилаётган янги имкониятлардан тўғри ва ўз вақтида самарали фойдаланиш зарур».
Муассаса раҳбари Б.Алимовнинг келтиришича, келгусида гуруҳларни ташкил қилиш ҳисобига иш фаолиятини янада кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратиш режалаштирилган.
Ислам Матеков.Сайтимизнинг телеграмдаги каналига аъзо бўлинг: https://t.me/karinformuz