Шу йилнинг 6 август куни Kun.uz сайтида фуқаролар Тлеубике Юлдашева, Перизат Бегжанова, Саипназар Каипов ва Бисенбай Досжановларнинг 2019 йил 1 августда Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги музей атрофида норозилик акциясини ўтказгани, акция давомида Миллий гвардиянинг 20 га яқин ходимлари томонидан уларга нисбатан куч ишлатилгани ҳақида мақола чоп этилган эди. Ушбу мақоладаги ҳолатларни ўрганиш юзасидан жорий йилнинг 7 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова Нукус шаҳрига ташриф буюрди.
Ҳолатни ўрганиш давомида юқорида қайд этилган шахслар ўзларининг ижтимоий муаммолари юзасидан ҳеч бир давлат ёки жамоат ташкилотига мурожаат қилмасдан, И.В.Савицкий номидаги музей атрофида норозилик акциясини ташкил қилганлиги, уларга нисбатан Миллий гвардия ходимлари томонидан ҳеч қандай куч ишлатилмаганлиги, рухсат этилмаган норозилик акциясини ташкил қилганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддасига (Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) асосан Тлеубике Юлдашева энг кам иш хақининг 10 баравари, Перизат Бегжанова эса 5 баравари миқдорида жаримага тортилгани маълум бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддасига асосан йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш энг кам иш ҳақининг олтмиш бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади. Аммо, суд томонидан Т.Юлдашева ва П.Бегжанованинг ижтимоий аҳволи инобатга олиниб, уларга нисбатан энг кам иш ҳақининг ўн ҳамда беш баравари миқдоридаги жаримага тортиш жазоси қўлланилган.
Шунингдек, 2019 йил 9 апрель куни Нукус шаҳар ҳокимлиги томонидан Т.Юлдашевага Нукус шаҳридаги 21-кичик туманидан 1 хонали уй берилган бўлиб, аммо шунга қарамасдан Т.Юлдашева Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 244 (1)-моддаси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 201-моддасида кўрсатилган хатти-ҳаракатларни содир этиб, ўзининг ноқонуний ҳаракатларини давом эттириб келган.
Бош вазир ўринбосари Э.Боситхонова томонидан Қорақалпоғистон Республикасидаги хотин-қизларнинг ижтимоий муаммоларини ўрганиш ва уларни бартараф қилиш юзасидан амалга оширган тадбирлари давомида Т.Юлдашева ва П.Бегжановаларнинг ҳам ижтимоий муаммолари ҳал қилинди – уларни мунтазам иш билан таъминлаш чоралари кўрилди. Бу эса ижро ҳокимияти вакилларининг аҳоли ўртасидаги ҳар бир муаммога бефарқ бўлмасдан, уларни бартараф қилиш бўйича Президентимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг қўллаб-қувватланиб келинаётганлигининг бир кўриниши, десак бўлади.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш керак, юртимизда ҳар қандай ижтимоий муаммоларни бартараф қилиш, ижобий ҳал қилиш мақсадида мамлакатимизнинг ҳар бир шаҳару-туманларида Президентнинг халқ қабулхоналари, Интернет тармоғида виртуал қабулхонаси, шунингдек, ҳар бир раҳбар ва мансабдор шахсларнинг фуқароларни қабул қилиш кунлари, виртуал қабулхоналари, ишонч телефонлари фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, буларнинг ҳаммаси муаммоларни жойларнинг ўзида ечиш учун хизмат қилмоқда. Халқимиздан ҳар қандай ижтимоий муаммоларингиз билан биринчи навбатда шуларга мурожаат қилишингизни сўраб қолган бўлардик.
Ислам Матеков.Сайтимизнинг телеграмдаги каналига аъзо бўлинг: https://t.me/karinformuz