Китобдан ўтадиган ҳеч қандай донолик йўқ. Китобларнинг ватани эса – кутубхонадир. Кутубхона – маърифат маскани, инсоннинг маънавий ором оладиган, тарбия оладиган муқаддас жойидир. Кутубхона – дунёдаги энг ақлли одамларнинг тўпланадиган жойи ҳисобланади. Дунёда одатдагидан ўзгача меъморий услубда қурилган кутубхоналар тўғрисида эшитганмисиз?
Канзас-Сити, АҚШ

2004 йил Канзас-Ситидаги Жамоатчилик кутубхонаси бўшаб ётган Биринчи миллий банк биносига кўчирилди. Икки йилдан сўнг ушбу бино ёнида автомашиналар учун турургоҳ қурилди. Бу эса кутубхона фаолиятига ҳалақит бера бошлади. Бунинг ечими сифатида меъморлар китоб кўринишидаги катта девор қуриб, автомашиналар тураргоҳини кутубхонага кўринмайдиган қилишди. Девордаги ҳар бир китобнинг катталиги – 8 метр, эни – 2 метрни ташкил этади. Китобларга дунёга машҳур классикларнинг исмлари ёзилган. Кутубхонанинг ички қурилиши эса аввалги банкнинг кўриниши билан қолди.
Pargue Espana, Колумбия

Колумбиянинг Меделин шаҳри ўтган юз йилликнинг энг ифлос ва гиёҳванд моддалар етиштирадиган гуруҳлар шаҳри сифатида эсда қолган эди. Маҳаллий ҳокимият мазкур тушунчани йўқотиш учун шаҳарда маданий қурилиш бошлашни режалаштирди. 2007 йил Джанкарло Маззантининг лойиҳаси асосида Меделин шаҳрида Pargue Espana кутубхонаси қад кўтарди. Кутубхонанинг ўзига хос томони унинг қурилишида. Қоятош кўринишида қурилган мазкур бино ичига одамлар китоб ўқишга келади.
Луи Нюсера, Франция

Дунёдаги қурилиши жиҳатидан энг ғаройиб кутубхона Францияда жойлашган. Ивом Байяром ва Франсисом Шапюнинг лойиҳаси асосида қурилган мазкур кутубхона 2002 йилда қурилган. Кутубхонанинг ўзига хослиги одамнинг яримта боши ва бош мияси шаклида қурилганлигидадир.
Сандро Пенн номидаги кутубхона, Италия

«Ерга ўзга сайёраликлар келибди!» деган гапни Италиянинг Перудже шаҳрига борсангиз айта оласиз. Чунки, бу ердаги Сандро Пенн номидаги кутубхона ўзга сайёраликларнинг ҳаво кемаси шаклида қурилган.