Telegram karinform

Жәмийет

  • 10.10.2020 16:29
  • 1227

ЭЛГА ҲУРМАТ – ТИЛГА БЎЛГАН ЭЪТИБОРДАН БОШЛАНАДИ

«Давлат тили ҳақида»ги Қонун қабул қилинганлигининг ўттиз бир йиллигига бағишланади

ЭЛГА ҲУРМАТ – ТИЛГА БЎЛГАН ЭЪТИБОРДАН БОШЛАНАДИ
Тил миллат кўзгуси, унинг ғурури, тафаккур манбаи. Буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ёзганидек: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.
Ҳозирги кунда Ер юзида 7 мингдан зиёд тил мавжуд бўлса, уларнинг фақат 200 га яқини давлат тили ёки расмий тил мақомига эга. Давлат тили мақомини олган шу икки юзга яқин тил орасида Она тилимизнинг борлигидан қанча ғурурлансак шунча кам. Собиқ иттифоқ ҳукмронлик қилиб турган бир пайтда – 1989 йилнинг 21 октябрида “Давлат тили ҳақида”ги Ⱪонуннинг қабул қилиниши ва унинг 1-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир” деб, белгилаб қўйилиши мамлакатимиз мустақиллиги сари қўйилган биринчи ва муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланади.
Давлат тили ҳақидаги Қонун матни 1995 йил 21 декабрда қайта таҳрир қилинди. Мазкур Қонун бир томондан ўзбек тилини ҳуқуқий муҳофазасини таъминлаб, унинг такомиллашувига ва равнақ топишига кенг имконият яратиб берган бўлса, иккинчи томондан бошқа миллат вакиллари тилларининг муомилада бўлиш даражасини белгилади ва кафолатлади.
Жумладан, Қонуннинг 3-моддасида шундай дейилади: «Тилнинг Қорақалпоғистон Республикасида амал қилишига боғлиқ масалалар шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Ушбу Қонун тилларнинг турмушда, шахслараро муомилада ҳамда диний ва ибодат билан боғлиқ удумларни адо этишда қўлланишини тартибга солмайди. Фуқаролар миллатлараро муомала тилини ўз хоҳишларига кўра танлаш ҳуқуқига эгадирлар».
Қонун барча миллатлар ва уларнинг тилларини тенг ҳуқуқлилигига асосланади. Бирор миллат вакиллари зич яшайдиган ҳудудда мазкур миллат тилининг ҳам давлат тили билан тенг ҳуқуқда истеъмолда бўлиши мазкур Қонун билан кафолатланган. Бу хусусда Қонуннинг 8-моддасида шундай дейилади: «Муайян миллат вакиллари зич яшайдиган жойларда маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органларининг ҳужжатлари республика давлат тилида ҳамда мазкур миллат тилида қабул қилинади ва эълон қилинади».
Давлат тили ҳақидаги Қонун ўзбек тилининг мавқеини мустаҳкамлаш ва уни ҳуқуқий муҳофазага олиш билан бирга миллатларнинг ўзаро тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш тамойилига асосланганлиги билан аҳамиятлидир. Қонуннинг охирги 24-моддасида Давлат тилига ва бошқа тилларга фуқароларнинг муносабати масаласига алоҳида этибор қаратилиб, шундай дейилади: «Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш таъқиқланади. Фуқароларнинг ўзаро муомала, тарбия ва таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи шахслар қонун ҳужжатларига мувоффиқ жавобгар бўладилар».
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, давлатимиз томонидан Ⱪонун билан очиқ-ойдин кўрсатиб қўйилишига қарамасдан, мазкур Ⱪонуннинг ижросини таъминлашда ҳалигача камчиликларимиз кўп, ҳалигача унинг барча нормалари тўла ишлашига эришаяпмиз деб, айта олмаймиз. Бунга аввало, бепарволигимиз, она тилимизга бўлган ҳурматимиз ҳаминқадар эканлиги сабаб бўлмоқда. Масалан, оилада кундалик мулоқотимизда фарзандларимизга она тилимизнинг гўзал каломларини ўргатмасдан бошқа тиллардаги сўзларни ҳеч иккиланмай айтамиз. Буни эса ўзимизни шу ҳолатга ўрганиб қолганимиз билан изоҳлаймиз. Лекин, фарзандларимиз-чи, улар ҳам энди шунга “ўрганиб” қолиши керакми? Кўчага чиқамиз, катта-кичик бинолар олдида ёзилган ёзувларнинг аксарияти хорижий тилларда ёзилган. Бирор бир юмуш, хизмат билан давлат идоралари, хизмат кўрсатиш корхоналарига кирамиз ва бу жойларда ҳам айрим маълумотлар бошқа тилларда эканлигини кўрамиз. Катта-катта супермаркетларга кирамиз, нархнома, қўлингизга тутқазиладиган чек ўзга тилда. Лекин ҳеч биримиз нега бу ёзувлар давлат тилида эмас, деб сўрамаймиз. Ваҳоланки, қонунга кўра, географик объектларнинг номлари давлат тилида акс эттирилади (22-модда). Лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилиши ва эълон қилиниши ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкинлиги белгиланган (20-модда). Корхоналарда ишлаб чиқариладиган маҳсулот давлат тилидаги ва бошқа тиллардаги ёрлиқлар, йўриқномалар, этикеткалар билан таъминланиши кўрсатилган (21-модда).
Ҳар бир янги объект очилаётганганда, хизмат кўрсатиш мажмуаси ёки шохобча ташкил этилаётганда бу тартиблар тушунтирилади. Минг афсуски, кўп ҳолларда тушунтиришлар қоғозда қолмоқда. Айни камчиликларни ўз вақтида ва жойида бартараф қилиш, тушунтириш ҳамда тарғиб қилиш – айниқса, биз зиёлилардан ўткир зеҳн, эътибор ва фидоийлик талаб этади.
Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элатлар ўзаро иноқ, тотувликда яшаб келмоқда. Давлат таълим муассасаларида ўқитиш 7 тилда олиб борилмоқда. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ўз кўрсатувларини 12 тилда намойиш этмоқда, 10 дан ортиқ тилда газета ва журналлар нашр этилмоқда. Мамлакатимизда этник ўзига хосликни ривожлантиришда 137 та миллий маданий марказ, 34 та дўстлик жамиятлари муваффаққиятли фаолият юритиб келмокда.
Таъкидлаш лозимки, Давлат тили тўғрисидаги Қонун ўзбек тилининг ва Ўзбекистонда истиқомат қилаётган бошқа миллат вакиллари тилларининг амалда бўлиш мақомини ҳуқуқий жиҳатдан кафолатласа, иккинчи томонидан эса, ҳар йили тил байрами арафасида жамоатчилик эътиборини тил масалаларига қаратишга имкон яратади.
Ҳақиқатдан хам, тил тараққиёти жамият тараққиёти билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, қачонки тил давлат томонидан ҳуқуқий муҳофазага олингандагина у ҳақиқий равнақига эришиши мумкин. Кейинги йилларда ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, давлат тили масаласига эътиборнинг кучайтирилиши халқимиз дилидаги истакларининг бири бўлди. Бугун халқаро майдонда дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилик тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадрият сифатида баҳоланмоқда.
Айни янгиланишлар ва ўзгаришлар баробарида, биринчи навбатда, она тилимизнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалга оширилаётганлиги диққатга сазовордир.
Жумладан, 2019 йилнинг 4 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарорининг эълон қилиниши эса, бу борадаги ишларнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилган масала эканлигининг далолатидир.
Айни йўналишда, кейинги йилларда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилгани она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганиш, уни илмий асосда ҳар томонлама ривожлантириш ва қўлланиш доирасини кенгайтириш, филолог кадрлар тайёрлаш борасидаги ишларни янги поғонага кўтарди.
Шунингдек, мамлакатимизда янгидан ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётган Муҳаммад Ризо Огаҳий, Исҳоқхон Ибрат, Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон ва Зулфия, Ибройим Юсупов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактабларида она тилига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилиши, шунингдек, барча таълим муассасаларида тил байрамига бағишланган адабий-маърифий кечалар ҳамда янги китоблар тақдимотлари ташкил қилиш ишларининг йўлга қўйилганлиги ҳам айни йўналишдаги фаолият самарадорлигини таъминлашга қаратилган ижобий ишлар сифатида баҳолашимиз мумкин.
Бугун давлатимиз Янги Ўзбекистон - «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» тамойили асосида тараққиётнинг янги 3-ренессанс даврига қадам қўймоқда. Айни жараёнга келиб, она тилимиз мустаҳкам ҳуқуқий асос ва юксак мақомга эга бўлди. Ҳозирги кунда ўзбек тили ҳаётимизнинг барча жабҳаларида — давлат ва жамият бошқаруви, давлатлараро муносабатлар, илм-фан, таълим-тарбия, тиббиёт, маданият ва санъат соҳаларида фаол қўлланилмоқда, халқаро минбарлардан баралла янграмоқда. Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида мамлакатимиз тарихида илк бор Давлат тилида баёнот қилиши, юқорида қайд қилаётган фикримизнинг ёрқин далилидир.
Яна саноқли кунлардан кейин, 21 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги санъат саройларида Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинганининг ўттиз бир йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбирларини ташкил этилади.
Ушбу санага бағишланган байрамона тадбирлар ҳар йили мамлакатимиздаги барча шаҳар ва туманларда - умумтаълим мактаблари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талаба-ёшлари ўртасида ўзбек тили мавқеини тараннум қилишга бағишланган иншолар, ҳар хил мавзудаги танловлар, мусобақалар ва конференциялар ўтказилади. Жойлардаги театрлар ва кинотеатрларда, маданият саройларида буюк алломалар ҳақидаги спектакллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиши анъана тусига айланиб бормоқда.
Сана муносабати билан, биз фаолият юритаётган Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида ҳам ўзбек ва қорақалпоқ тилига Давлат тили мақоми берилган кун муносабати билан бир қатор маънавий-маърифий тадбирлар билан бир қаторда, туркий тилли хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда «Глобаллашув даврида ўзбек ва қорақалпоқ тилларининг мавқеи» мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ҳамда «Ⱪорақалпоғистонда тилшуносликнинг долзарб масалалари: муаммолар ва ечимлар» мавзусида республика конференциясини ўтказиш учун қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Буюк мутаффакир Алишер Навоийнинг “Тилга эътиборсиз – элга эътиборсиз” деган ҳикматли сўзи бор. Шундай экан, Давлат тили сифатида қорақалпоқ тилининг ҳамда ўзбек тилининг гуллаб-яшнаши, ривожланиши ва кенг тараққий этиши, энг аввало, бугунги кунда таълим-тарбия масканларининг барча бўғинларида фаолият кўрсатаётган ўқитувчи-ходимлар ҳамда устоз-мураббийларнинг фидоийлигига боғлиқдир. Демакки, бугун Ⱪорақалпоғистонда фаолият кўрсатаётган ҳар қандай зиёли инсон - ҳам қорақалпоқ тилининг, ҳам ўзбек тилининг асосий имло қоидаларини пухта ўзлаштирган ва саводли ёзиш кўникмасига эга бўлган бўлиши лозим. Бу эса унинг шу юртнинг ватанпарвар фуқароси сифатида нафақат иккита тилга бўлган ҳурматини, балки, шу элга, шу юртга бўлган эҳтиромини ҳамда ўз шогирдларига бўлган юксак намуна ҳам бўлиб ҳисобланади.
Фикримиз давоми сифатида, айни йўналишда биз соҳа вакиллари олдида кечиктириб бўлмайдиган қуйидаги вазифаларни ҳам келтириб ўтишни лозим деб топдик:
– миллий қадриятларнинг асосий тимсоли бўлган ўзбек тилининг ва қорақалпоқ тилининг расмий ва миллий мақомини тарғиб-ташвиқ этувчи маънавий-маърифий ишлар кўламини кенгайтириш, бу борада мақсадли, манзилли ва тизимли тадбирлар ташкил қилиш;
– миллий маънавий меросга муҳаббат ва эҳтиром, аввало, оиладан бошланиши, оила қадриятлар бешиги эканлигини эътиборга тутган ҳолда фарзанд тарбиясида она тилини пухта эгаллаш, миллий тилни, қадриятларни авайлаш, ижтимоий дахлдорлик, ватанпарварликни шакллантириш усуллари тавсия қилинган тажрибали соҳа вакиллари билан ҳамкорликда методик қўлланмалар яратиш;
– таълимнинг барча босқичлари ва бўғинларида, ташкилот, муассаса ва корхоналарда ўзбек тилига, шунингдек, қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган кун арафасида ҳамда байрамдан ташқари жараёнларда ҳам давлат тилининг расмий талаблари билан таништирувчи, моҳиятини тушунтирувчи, миллий тил руҳиятини юксалтирувчи маънавий-маърифий тарғибот-ташвиқот тадбирларини мунтазам йўлга қўйишимиз талаб этилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаймизки, ижтимоий ҳаётимизда давлат тили билан боғлиқ юқорида зикр этилган муаммоларни ҳал қилиш учун аввало, барча юртдошларимиздан она тилимизга бўлган ҳурмат ва эътиборни янгича ёндашувлар асосида ташкил қилишимизни талаб қилади. Бу борада дастлаб, оилада эътиборни янада кучайтириш, соҳа мутахассислари томонидан кенг кўламли илмий тадқиқотлар олиб бориш, давлат грантлари эълон қилиш ҳамда уларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш орқали муайян натижаларга эришиш мумкин.
Фикримиз якунида барча юртдошларимизни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг кенг жамоатчилиги номидан яқинлашиб келаётган тарихий сана – миллий тил байрами билан қизғин муборакбод этамиз! Барчамизга тилимиздаги эзгу сўзлар ҳамроҳимиз бўлсин, дилимизда она тилимизга бўлган меҳр асло сўнмасин!

Қувондиқ Қодиров,
НукусДПИ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори.


Сайтимизнинг телеграмдаги каналига аъзо бўлинг: https://t.me/karinformuz
Social

Усыныс етемиз

Өзбекстанда қайсы социаллық тармақтан жийи пайдаланылады?

Өзбекстанда қайсы социаллық тармақтан жийи пайдаланылады?

Уқсас жаңалықлар

Хушхабар! Нукус ДПИ қизлар терма жамоаси волейбол бўйича Ўзбекистон суперкубоги ғолиби бўлди

Хушхабар! Нукус ДПИ қизлар терма жамоаси волейбол бўйича Ўзбекистон суперкубоги ғолиби бўлди

Аввал хабар берганимиздек, шу йилнинг 19-20 ноябрь кунлари Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳридаги «Металлург» спорт мажмуасида волейбол...

Нукуслик ёшлар Германия лойиҳаси доирасидаги семинарда фаол иштирок этишди

Нукуслик ёшлар Германия лойиҳаси доирасидаги семинарда фаол иштирок этишди

«DVV International Uzbekistan» нодавлат ташкилоти Германиянинг «Deutsche Gesellschaft für Internationale Zusammenarbeit (GIZ) GmbH» компанияси билан ҳамкорликда...

«Ucell»да шахмат мусобақаси бўлиб ўтди

«Ucell»да шахмат мусобақаси бўлиб ўтди

Апрель ойидан бошлаб CОSCОМ МЧЖ (Ucell савдо белгиси) барча минтақалар ходимлари ўртасида шахмат мусобақасини ўтказмоқда. Нукусда...