«ENGLISH CLUB.KARSU» клуби дастлаб ўтган ўқув йилида университетимизнинг чет тиллари факультетида инглиз тили ва адабиёти йўналиши талабаси Дилафруз Абдинабиеванинг ташаббуси билан ташкил этилган эди. Бу йилги ўқув йилида клуб ташкилотчиси Дилафруз Абдинабиева клуб ишларини такомиллаштириш ва аудиториясини кенгайтириш мақсадида Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти билан биргаликда лойиҳа ишлаб чиқди. Клуб ўз атрофига университетимизнинг инглиз тилини ўрганишни ва ўргатишни хоҳлайдиган талабаларини жамлаган бўлиб, «тенгдошга-тенгдош» тамойили асосида иш олиб бормоқда.
Университетимиз ректорати томонидан клубнинг натижали фаолият олиб бориши учун зарур шароитлар яратиб берилмоқда. Энг замонавий ахборот техникалари билан таъминланган маънавият ва маърифат бўлими мажлислар зали ва «Ҳаракатлар стратегияси» хонаси клубнинг ўз фаолиятини олиб бориши учун ажратиб берилди.
«ENGLISH CLUB.KARSU» клуби кунига икки маҳал, ҳафтанинг ҳар душанба, сешанба, чоршанба, пайшанба ва жума кунлари мунтазам ўтказилиб келинмоқда. Клуб «Speaking Club», «English for everyone», «Music Club» каби бирнечта секцияларда иш олиб боради.
«Speaking Club» ҳафтанинг ҳар душанба куни соат 13:00 да, «English for everyone» ҳафтанинг ҳар душанба ва жума кунлари соат 14:00 да, сешанба ва пайшанба кунлари соат 11:00 да ва 16:00 да, «Music Club» ҳар ойнинг охирги пайшанба кунида соат 13:00 да ўтказилмоқда.
Тил ўрганишни ва ўзи каби тенгқурларига ўргатишни мақсад қилган талабаларни клуб аъзолигига чақириб қоламиз.
Ислам МАТЕКОВ