15 декабрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Олий аттестация комиссияси раиси Ахмед Юсупов ёш олимлар, докторантлар ва илм фидоийлари билан сайёр қабул асосида очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда бугунги кунда республикамизда, айниқса, фан соҳасида юз бераётган сўнги янгиликлар, сўнги йиллар чиқарилган қонунлар тўғрисида маълумотлар берилди. Сайёр учрашувда 30 га яқин фан соҳаси мутахассислари масалалари кўриб чиқилди. Унда асосан Олий аттестация комиссияси таркибидаги журналлар, профессор ва доцент унвонларини олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар, патент олган олимларнинг PhD даражасини олиш учун топшириладиган ҳужжатлар рўйхати, чет давлатларда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган олимларнинг илмий даражасини нострификациялаш тартиби тўғрисида тўлиқ маълумотлар берилди.
Хусусан, университетимизнинг иқтисодиёт кафедраси мудири Зухра Балташева томонидан «Қорақалпоқ давлат университети Ахборотномаси» журналида чоп этилган иқтисодиёт ва юридика соҳаси бўйича мақолаларни Олий аттестация комиссияси журналларини рўйхатига киритиш бўйича таклиф билдирилди.
Мазкур таклифлар инобатга олиниб, келгуси режалар қаторига киритилди.
Тадбирда илм-фан билан шуғилланувчи олий таълим муассасалари ўқитувчилари, магистрантлар ва эркин тадқиқотчилар ўзларини қизиқтириб юрган барча саволларига жавоблар олди.
Сахибжамал Есемуратова.