Ҳар йили турли хил фанлар бўйича ўтказиладиган фан олимпиадалари ғолиблари муддатидан аввал имтихонсиз ўқишга қабул қилинади. Шу йили «Қорақалпоқ тили ва адабиёти» фанидан ўтказилган фан олимпиадаси республика босқичида ғолиб бўлган 3 ўқувчи вақтидан аввал талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди. Уларнинг уччаласи ҳам ўқишини давом эттириш учун Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетини танлашган. Улардан бири Мехрибан Мамбетниязова:
«Мен шу йили «Қорақалпоқ тили ва адабиёти» фанидан ўтказилган фан олимпиадасида ғолиб бўлдим. Ҳужжатларимни шу университетнинг қорақапоқ тили ва адабиёти мутахассислигига топширдим. Чунки, университетда шу соҳа бўйича етук профессор-ўқитувчилар ишлашади. Бу даргоҳда талабаларнинг билим олиши, ўқиши учун шароитлар етарли», - деди у биз билан суҳбатда.
Қорақалпоқ тили ва адабиёти фанидан фан олимпиадасининг шу йилги ғолиблари Фатима Узақбаева, Бийбихатша Жолдасбаевалар ҳам қорақалпоқ тили ва адабиёти мутахассислигига ҳужжатларини топширган. Бу албатта, грант ўринларининг камайишига ўз таъсирини ўтказади. Шу мутахассисликка давлат гранти асосида 30 абитуриент қабул қилинадиган бўлса, энди унга 27 абитуриент қабул қилинади. Қолган барча абитуриентларга кириш имтихонларида омад тилаб қоламиз.
Сахибжамал Есемуратова.