Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида комплекс ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича кенг чора-тадбирлар қўлланиляпти.
Ушбу чоралар самарадорлиги ҳамда натижадорлиги етакчи халқаро молиявий ташкилотлар томонидан ҳам ижобий баҳоланяпти. Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш – 2018” ҳисоботида Ўзбекистон тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратиш бўйича ислоҳотчи давлатлар қаторида жаҳонда биринчи ўнталикка киритилди.
Бу юртимизда давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий мулк устуворлигини янада кучайтириш, бизнес ташаббусларни қўллаб-қувватлаш борасида қилинаётган изчил ишлар натижасидир.
“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” доирасида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси юртимиз ишбилармонларини қўллаб-қувватлаш борасида яна бир ижобий ишга қўл урди. ЎзЛиДеП томонидан “Фаол тадбиркор – ижодкор нигоҳида” республика ижодий танлови эълон қилинди.
Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини, шу жумладан, халқимиз турмуш фаровонлигини янада оширишга хизмат қилаётган, фаол тадбиркорлик бизнес фаолиятини инновацион, яъни замонавий ёндашувлар, илғор технологиялар асосида шакллантириб, бошқаларга ўрнак бўлаётган, бир сўз билан айтганда, замонамиз қаҳрамонлари дейишга арзийдиган ишбилармон, тадбиркор, фермерлар сиймосини яратишга чоғланган ижодкор-қаламкашлар ушбу танловда иштирок этишлари мумкин.
Танлов “Энг яхши бадиий асар”, “Энг яхши публицистик мақола”, “Энг яхши видеоролик” йўналишларида ўтказилади.
Ҳар бир йўналишда ғолиб ва совриндорлар аниқланади ҳамда уларга диплом ва пул мукофотлари топширилади.
1-ўрин ғолибига энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида;
2-ўринни қўлга киритганга энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида;
3-ўринга сазовор бўлганга энг кам ойлик иш ҳақининг 25 баравари миқдорида пул мукофоти мавжуд.
Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар ижодий уюшмалари ҳамкорлигида ташкил этилаётган мазкур тадбирда “Ёш тадбиркор образини яратган энг яхши асар учун” ҳамда “Замонавий тадбиркор асл образини яратган энг яхши асар учун” номинациялари бўйича рағбатлантирувчи мукофотлар ҳам таъсис этилган.
Танловга тақдим этилган ижодий материаллар 2018 йилнинг 1 ноябрига қадар Тошкент шаҳри, Нукус кўчаси, 73-“а” уй, Тадбиркорлар ва ишбилармоилар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси манзилига юборилиши лозим.
Танловнинг ғолиб ва совриндорлари 2018 йил 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги байрами арафасида маълум қилинади.
O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши