Мамлакатимизда мавжуд солиқ тизимини янада ислоҳ қилиш, жумладан эскирган тартиб, тамойилларни ўзгартириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва солиқлар йиғилувчанлигининг оширилишини таъминлаш мақсадида Президентимиз томонидан жорий йилнинг 26 июнь санасида «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ, давлат солиқ хизмати органларининг ҳуқуқлари янада кенгайтирилмоқда.
Жумладан, солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаган, шунингдек, солиқ тўловчи томонидан солиқ ёки молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари юзасидан тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаган ҳолларда солиқ тўловчи- юридик шахсларнинг банк ҳисоб варақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш (Олдин Иқтисодий суд қарори орқали тўхтатиб қўйилар эди) белгиланди.
Давлат улушлари бўйича дивидендларни ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ажратмаларни ундириш ҳамда солиқ тўловчи томонидан тақдим этиладиган ахборотнинг ишончлилигини ва солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун камерал назорат натижаси бўйича жойига чиққан ҳолда мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш белгиланди, дея хабар қилди Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Давронбек Бабажанов.
Шунингдек, юзага келган солиқ қарздорлигини солиқ тўловчи-жисмоний шахсларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатувчи банк ҳисоб варақларидан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдоридан кўп бўлмаган суммада сўзсиз ҳисобдан чиқариш ҳуқуқлари берилди.
Бундан ташқари, қарор талабларига асосан 2018 йил 1 октябрдан бошлаб, давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ўтказилган хронометраж натижаларига кўра охирги ҳисобот даври учун товар (иш, хизмат)лар реализациясидан камайтириб кўрсатилган тушум ва ходимлар сони қайта ҳисоб-китоб қилинган солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида талабнома юбориши, камайтириб кўрсатиш такроран аниқланганда, ушбу ҳаракатлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланиши белгилаб қўйилди.
Шу билан бирга, давлат солиқ хизмати органлари солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун асос бўладиган кўздан кечириш далолатномасини тузиш орқали солиқ тўловчиларнинг паспортлаштирилишини юритиши белгиланган.
Мухтасар айтганда, мазкур қарор солиқ органлари фаолиятини тубдан такомиллаштиришга, асосийси, аҳолининг солиқ солиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашига хизмат қилиши ҳамда уларнинг энг яқин маслаҳатчиси ва кўмакдошига айланмоғига замин яратиши аниқдир. Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек “Солиқ хизмати – инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкоридир”.
Сахибжамал Есемуратова