Шу йилнинг 19-23 ноябрь кунлари Россия педагогика давлат университети физика, технология ва ахборот тизимлари институтининг технологиялар ва касб таълими кафедраси бошлиғи, педагогика фанлари доктори М.Л.Субочева ва мазкур кафедра профессори, педагогика фанлари номзоди М.Е.Сисоева Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида бўлди.
Россиялик олимлар дастлаб институт ректори Б.Отемуратов қабулида бўлди. Учрашувда икки олий таълим муассасаси ўртасида таълим, илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ва маданий алоқаларнинг ривожланиб бораётгани ва келгусидаги режалар тўғрисида фикр алмашди.
Хорижий профессорлар 20-21 ноябрь кунлари институтнинг мажлислар залида «Фан ва таълимда инновацион технологиялар» мавзусидаги республика илмий-амалий конференциясида иштирок этди.
Фан ва таълимда инновацион технологияларни қўллаш, янги ғояларни алмашиш, илмий тадқиқот ва таълим муассасалари ўртасида алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, янги алоқаларни ўрнатиш билан биргаликда ёшларни илмий тадқиқот ишларига жалб этишни мақсад қилган конференцияда институтнинг физика-меҳнат ва математика-информатика факультетлари профессорлари билан биргаликда россиялик олимлар, шунингдек, Тошкент ахборот технологиялари университети, Қорақалпоқ давлат университетидан етакчи олимлар баёнот қилди.
Конференцияда Россия педагогика давлат университети физика, технология ва ахборот тизимлари институтининг технологиялар ва касб таълими кафедраси бошлиғи, педагогика фанлари доктори М.Л.Субочева таълимда замонавий инновацион технологиялар секциясига раҳбарлик қилган бўлса, профессор, педагогика фанлари номзоди М.Е.Сисоева институт талабаларига мастер-класс ўтди.
Ўтказилган илмий-амалий конференция материаллари тўплам қилиб чоп этилди.
Ислам Матеков.Сайтимизнинг телеграмдаги каналига аъзо бўлинг: https://t.me/karinformuz