Қорақалпоғистон Республикаси Ёшлар иттифоқи мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июндаги ПФ-5468-сонли “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида пресс клуб бўлиб ўтди.
Пресс клубда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Айбек Тажетдинов, Нукус шаҳар ҳокими П.Торешеев, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ўрибосари М.Қаршиев, Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Д.Бабажанов, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси Ш.уснатдинов, ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бўлим бошлиғи Б. Қайипбергеновлар тадбир иштирокчиларига солиқ соҳасидаги бу ўзгаришларнинг долзарблиги ва турмушимиздаги аҳамияти тўғрисида ахборот берди.
Йиғилишда сўзга чиққанлар, концепцияга мувофиқ, 2019 йил 1 январдан бошлаб солиқ соҳасидаги ўзгаришлар ҳаётга тадбиқ этила бошлаши, жумладан, солиқ тизимида йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган солиқ юкини камайтириш ва солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш вазифаларини амалга ошириш белгиланган.
Шунингдек, тадбирда тадбиркорларнинг ҳамда фуқароларнинг даромадига тушаётган солиқ юкини пасайтириш мақсадида, 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12% миқдорида жорий этилиши ҳамда фуқароларнинг иш ҳақидан 8 фоиз миқдорида ушланадиган суғурта бадаллари бекор қилиниши фуқароларнинг оилавий бюджетининг ортишига ҳамда бу орқали фаровон ҳаётга замин яратилиши ҳақида таъкидланди.
Чунки, аввал аҳолининг даромад солиғи тўртда шкала бўйича мураккаб тизим асосида 22,5 фоизгача ушланарди. Энди эса ҳамма бир хилда — олган даромадидан 12 фоиз солиқ тўлайди.
Шу билан бирга, концепцияга мувофиқ пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари, устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар, устав жамғармаси (капитали)нинг 50 фоизи ва ундан кўпроқ миқдори давлат улуши 50 фоизи ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахслар ҳамда уларнинг таркибий тузилмалари учун ягона ижтимоий тўловни 25 фоиз миқдорида белгилаш, шунингдек, бошқа юридик шахслар учун ушбу тўлов ставкасини 15 фоиздан 12 фоизгача пасайттириш белгиланган.
Концепция доирасида тадбиркорларнинг айланма маблағларини жалб қиладиган, йирик ва кичик бизнес ўртасидаги кооперацияни ривожланишига тўсқинлик қиладиган давлат мақсадли жамғармаларига юридик шахсларнинг тушумидан ундириладиган 3,2 фоизлик мажбурий ажратмалар ҳам бекор қилинмоқда.
Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан
12 фоизга, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизга пасайтирилади, мобиль алоқа хизмати кўрсатаётган юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб, улар учун қўшимча фойда солиғи ҳисоблаш тартибини бекор қилган ҳолда 14 фоиздан 20 фоизгача ошириш назарда тутилган.
Шу билан бирга, пресс клубда солиқ солишнинг соддалаштирилган тартиби бўйича ўтган йил якунлари бўйича йиллик айланма маблағи 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган чегаравий миқдорга етган корхоналар умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказилади. Бунда йиллик тушумнинг 1 миллиард сўм этиб белгиланган чегаравий миқдори 3 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқилади.
Барча тадбиркорлик субъектлари, жумладан, тушуми 1 миллиард сўмгача бўлган юридик шахслар учун юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ тўлаши ҳам тадбир давомида таъкидлаб ўтилди.
Пресс клуб давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар олишди.
М.МЕРШИЕВА,
Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бошлиғи.