Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг «Функционал анализ, алгебра ва геометрия» кафедраси мудири, физика-математика фанлари доктори, доцент Каримберген Қадирбергенович Қудайбергенов академик Ш.А.Аюпов, Б.А.Омиров ва У.А.Розиковлар билан биргаликда олиб борган илмий тадқиқот ишлари учун Ўзбекистон Республикасининг фан ва техника соҳасидаги биринчи даражали Давлат мукофотини олишга муясар бўлди.
Каримберген Қудайбергеновнинг бугунги кунга қадар 60 дан ортиқ илмий ишлари ва 2 ўқув қўлланмаси, 3 методик қўлланмаси нашрдан чиқди. Бу меҳнатлари учун 2016 йили «Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирланган.
Авторлар «Ноассоциатив алгебралар, дифференциаллаш ва ночизиқли динамик системалар назарияларини ривожлантириш» мавзусида илмий тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Бу мавзу бўйича 200 дан ортиқ мақолалари Америка Қўшма Штатлари, Австралия, Буюк Британия, Испания, Италия, Германия, Голландия, Франция, Хитой, Россия каби давлатларнинг юқори импакт-факторли илмий нашрларида чоп қилинганлигидан кўриш мумкин. Мажмуа муаллифлари томонидан олинган илмий натижалар жаҳон илмий ҳамжамияти томонидан тан олиниб, юқори баҳоланиб келинмоқда.
Ш.А.Аюпов, М.И.Ибрагимов, К.Қ.Қудайбергеновлар муаллифлигидаги «Функционал анализдан мисол ва масалалар»номли ўқув қўлланмаси «Йилнинг энг яхши дарслиги ва ўқув адабиёти муаллифи – 2010» Республика танловида фахрли 2-ўринни эгаллади.
Университетимизнинг ўқитувчиси Каримберген Қадирбергенович Қудайбергеновни ютуғи билан табриклаб, илмий ишларида омад тилаб қоламиз.
Сахибжамал Есемуратова