Нукусда O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши “Сиёсий таълим маркази” томонидан “Сайловлар: ғалаба стратегияси ва тактикаси” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди, дея хабар қилди O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши матбуот хизмати. Унда партиянинг туман ва шаҳар кенгаши ходимлари, жамоатчилик асосида фаолият юритаётган раис ўринбосарлари, депутатлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди. Икки кун давом этган семинарда “Демократик жамиятда сайловлар”, “Ўзбекистон Республикаси сайлов қонунчилиги”, “Халқаро тузилмалар ва хорижий давлатлар вакилларининг Ўзбекистонда ўтказилган сайловлардаги иштироки”, “Сайлов компанияси тактикаси”, “Сайловолди тарғибот-ташвиқот ва ОАВ билан самарали мулоқотга киришиш”, “Сайлов жараёнларининг ижтимоий тармоқларда ёритилиши, блогерларнинг сайлов шаффофлигини таъминлашдаги ўрни” каби маърузалар бўйича маълумотлар бериб ўтилди.
Жорий йил декабрь ойида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим жараён – парламент қуйи бўғини ва маҳаллий кенгашларга сайловлар бўлиб ўтади. Унинг ўтган йиллардаги сайловлардан фарқли очиқлик ва шаффофлик тарзда ўтиши кутилмоқда. Партия ўз олдига қўйган асосий вазифалар орасида иқтисодий йўналишда амалга ошириладиган ишлар, хусусан, тадбиркорлик ва ишбилармонлик фаоллигини ошириш, мамлакат иқтисодиётига инвестицияларни, аввало тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва ўзлаштириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш борасидаги вазифаларга эътибор қаратилган. Икки кунлик ўқув-семинар давомида гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий машғулотлар ҳам олиб борилди.