Жорий йилнинг 14-15 ноябрь кунлари Нукус шаҳрида \"Халқаро инвестицион форуми\" бўлиб ўтади. Форумда Ўзбекистон Республикасининг чет давлатдаги элчилари, йирик халқаро ташкилот вакиллари ҳамда катта ишбилармон доиралари вакилларининг ташриф буюриши кўзатилмоқда, дея хабар қилди Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ахборот хизмати.
Барчангизга маълумки, сўнги йилларда Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикасига, жумладан, Қорақалпоғистонга чет эл инвестицияларини жалб қилиш орқали ҳудудда ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш борасида кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, 2018 йилнинг 15-16 декабрь кунлари Қорақалпоғистон Республикасида “Янги Мўйноқ-янги имкониятлар” мавзусидаги бизнес форуми ташкил этилиб, форум якунлари бўйича Мўйноқ тумани мисолида самарали натижаларга эришилганди.
Мазкур саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми сифатида “2019 йил – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да ташкил этилаётган навбатдаги форумни ўтказишдан асосий мақсад ҳам Қорақалпоғистон Республикасига салоҳиятли чет эл инвесторларини жалб қилиш ва у орқали ҳудудда ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва янги иш ўринларини яратиш, шунигдек, бизнес форум доирасида иштирокчиларни ҳудуднинг инвестицион, экспорт ва туристик салоҳияти, инвесторлар учун жорий қилинган солиқ имтиёзлари билан яқиндан таништиришдир.
Ушбу дастурлар асосида форумнинг биринчи кунида Нукус шаҳри Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши биносида “Халқаро инвестицион форуми”нинг очилиш маросими бўлиб ўтади.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва тегишли соҳа вакиллари томонидан иштирокчиларга Қорақалпоғистон Республикасининг ижтимоий-иқтисодий, инвестицион ва туризм салоҳияти ҳақидаги маълумотлар ва бу борадаги тақдимотлар намойиш этилади.
Куннинг иккинчи ярмида эса B2G ва B2B форматидаги музокараларнинг ташкил этилиши ва ўз-аро ҳамкорликдаги битимларнинг имзоланиши кутилмоқда. Шунингдек, маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун музокаралар якуни бўйича брифинг ташкил этилади.
Форумнинг иккинчи куни давомида 3 та гуруҳга бўлинган иштирокчилар Нукус шаҳри ва Нукус, Хўжайли, Қўнғирот, Қонликўл ҳамда Кегейли туманларига ташриф буюриб, ҳудудлардаги “Nukus Ekeltroapparat” МЧЖ, “NukusMed-Tex” ҚҚ МЧЖ, “TechnicGlobe” ҚҚ МЧЖ, “Стройвектор” МЧЖ , “Нукус вино заводи” МЧЖ, “Нукус балық” ҚК МЧЖ, “Хожелиагросаноат маркази” МЧЖ, “UzKorGaz Chemical” ҚК МЧЖ, “Қўнғирот сода заводи” УК, “Kantex invest” МЧЖ, “Кегейли коғоз” МЧЖ каби йирик саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишади.
Шунингдек, Халқаро инвестицион форум давомида Бердақ номидаги академик драма театри биносида Қорақалпоғистон Республикасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлардан иборат “Қорақалпоғистонда ишлаб чиқарилган” номли миллий кўргазмаси ва янги лойиҳаларнинг инвестицион таклифи ва ишлаб чиқаришга мослашган бўш турган биноларнинг тақдимоти ўтказилиши режалаштирилган.
Халқаро инвестицион форуми якунида меҳмонлар И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейига ташриф буюради.
Сайтимизнинг телеграмдаги каналига аъзо бўлинг: https://t.me/karinformuz