Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатилган.
Рустем Бердибаевич АЙБЕРГЕНОВ 1968 йили Нукус шаҳрида туғилган. Маълумоти – олий. 1997 йили Қозоғистон Республикаси давлат университетининг Ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Мутахассислиги – ҳуқуқшунос. Оилали, уч нафар фарзанди бор.
Меҳнат фаолиятини 1990 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида котибликдан бошлаган. 1994-1998 йиллари Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси инспектори, ката инспектори, котибият бошлиғи лавозимларида ишлаган. 1999-2003 йиллари Нукус шаҳри «Элите» қўшма корхонаси ҳуқуқшуноси, директор ўринбосари, директори, 2003-2009 йиллари «Қорақалпоқэлектртармоқлари» ОАЖ ҳуқуқшуноси, юридик бўлими бошлиғи, 2009 йилдан бошлаб Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси
бошқармаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди судьяси, сўнг Ҳакамлик суди раиси лавозимида фаолият кўрсатган. 2017 йилдан буён Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳузуридаги Ҳакамлик суди раиси лавозимида ишлаб келмоқда. 2009
йили Словакия Республикасининг Братислава шаҳрида амалиёт ўтаган халқаро тажрибага эга ҳакамлик судъяси ҳисобланади.
2019 йилда «Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист» фаҳрий унвони билан тақдирланган. Фаолияти давомида ўзини юксак салоҳиятли ҳуқуқшунос, назарий ва амалий тажрибага эга ташкилотчи сифатида намоён этди. Мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларига доир кўплаб таҳлилий материалларни тайёрлашда фаоллик кўрсатган. У ёшлар орасида диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳамкор ташкилотлар
билан кенг миқёсидаги ҳуқуқий тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб боришда узлуксиз қатнашиб келмоқда.
Рустем АЙБЕРГЕНОВнинг Сайловолди дастури Ўзбекистонда ижтимойи демократик давлат қуришда ижтимоий адолат, тенглик, бирдамлик тамойилларига таянади.
Шу мақсадда номзод қуйидаги ташаббуслар билан
чиқмоқда:
- энг кам иш ҳақи, пенсия, стипендия, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар миқдорини ҳаёт кечириш имконияти билан мутаносиблигини таъминлаш;
- кундалик зарур маҳсулотлар, хизматлар, жумладан, уй-жой коммунал хизматлар учун тўловларни аҳолининг реал даромадлари асосида белгилаш;
- аҳолининг кам таъминланган қатламларига тиббий хизматлар кўрсатиш, дори-дармонлар, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдамларни
имтиёзли тақдим этишни ривожлантириш;
- барча учун сифати кафолатланган таълим тизимини жорий этиш. Давлат гранти асосидаги таълим ўринларини кенгайтириш, тўлов-шартнома асосида таҳсил оладиган кам таъминланган оилаларнинг фарзандларига имтиёзли таълим кредитлари ва субсидияларини тақдим
этиш тизимини йўлга қўйиш;
- фуқароларни асосий ҳаётий эҳтиёжлари учун муносиб иш ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш.
Рустем Бердибаевич АЙБЕРГЕНОВ 1-Нукус сайлов округидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинган.