Кеча, 23 ноябр куни Қорақалпоқ давлат университетининг ўқитувчи, магистрант ва талабалари, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар Уюшмасининг аъзолари, журналистлар ва ёш қаламкашлар билан биргаликда улуғ қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Бердақ Қарғабай ўғлининг қабрини зиёрат қилди. Бердақ бобомизнинг қабри Чимбой туманидаги Қарақум эъшон қабристонида жойлашган. Университет ходимлари шунингдек, Ёзувчилар уюшмасининг ёзувчи ва шоирлари мазкур қабристонда жойлашган XIX асрдаги қорақалпоқ халқининг мумтоз шоирларидан бири Кунхожа Ибрайим ўғлининг қабрини ҳам зиёрат қилишди.
Қабристон ёнида Қарақум эъшон бобонинг ўқувчиларга дарс берган мадрасанинг қолдиқлари қолган экан. Қарақум эъшон бобонинг авлодларидан бири А.Идирисовнинг берган маълумотларга қараганда, бу мадраса жуда ҳам катта бўлган. Ўқувчилар шу ерда яшаган ва таълим олган. Аммо, бугунги кунда бу атрофда халқ яшамайди. Шундан бўлса керак, мадрасанинг кўпчилик деворлари қулаб қолган, ундан фақат айрим қолдиқларгина қолган.
Куннинг иккинчи ярмида Чимбой туманидаги 45 сонли мактабда учрашув кечаси бўлиб ўтди.
Кечани Ёзувчилар Уюшмаси бошлиғи, шоир ва ёзувчи Кенгесбай Каримов олиб борди.
Кечада Б.Генжемуратов, М.Жумамуратова, А.Утепбергенов, П.Нуржановлар сўзга чиқиб, Бердақ шоирнинг ҳаёти ва ижодига оид маълумотларни келтириб ўтди ва шеърлар ўқиди. Б.Генжемуратов Бердақ шоирнинг қабрига зиёрати пайтида ёзган янги шеърини кечада ўқиб берди.
Б.Генжемуратов шеър ёзмоқда
Университетнинг ўқитувчи ва талабалари зиёрат ҳақида, Бердақ бобомизнинг 190 йиллигининг республика бўйлаб кенг миқёсда нишонланаётгани ҳақида Қорақалпоғистон телеканалига интервью бердилар.
Бундан сўнг Чимбой тумани маданият бўлими ва 8 сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби аъзолари билан биргаликда концерт дастурини инъом этди.
Беш шаҳарнинг бири ҳисобланган Чимбой туманига бўлган зиёрат катта таъсирлар қолдирди.
Сахибжамал Есемуратова