Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 1 декабрь Қорақалпоқ тилига давлат тили мақомининг берилган кунига бағишлаб «Она тилим – доно тилим» мавзусида ҳафталик ўтказилмоқда. Мазкур ҳафталикнинг мақсади университет талабалари ўртасида қорақалпоқ тили бойлигини ошириш, ўз фикрини эркин билдириш қобилиятини ривожлантириш, она тилимизга, халқимизнинг миллий қадриятларига муҳаббат руҳида тарбиялашдан иборатдир.
Ҳафталик давомида она тилимизга оид турли хил танловлар ташкиллаштирилди. Масалан, 27 ноябрь куни университетда «Теран ақл керак баён қилмоққа…» мавзусида танлов ўтказилди.
Мазкур танлов иштирокчиларининг бошловчилик қобилиятлари, нутқ маданияти, саҳнада ўзини тута билиш қобилияти, қорақалпоқ тили билан биргаликда бошқа тилларни билиши, бадиий ўқиш қобилиятлари баҳоланди. Танлов шартларига мувофиқ, ҳар бир қатнашувчи ўзлари хоҳлаган байрам ёки адабий кечанинг бошловчилари бўлиб, 3-5 дақиқа давомида бошловчилик қобилиятларини намоён қилишди.
28 ноябрь куни «Онам янглиғ қадрдон» атамасидаги танловнинг қатнашувчилари она тилига бағишлаб ёзган шеърларини ўқиб беришди.
«Она тилим – ғурурим» атамасидаги она тилига бағишлаб ёзилган шеърларни иштирокчилар ёддан айтиш танлови ҳам ўтказилди.
Бундан ташқари, «Мақолларда маъно мужассам…» мавзусидаги танлов иштирокчиларнинг қанча кўп нақл ва мақолларни билиши ва уларни ёдда сақлаб қолиш қобилияти баҳоланди. Танлов якунида ғолиблар аниқланди. 1 ўрин ғолиби қорақаплоқ филологияси факультети 3 курс талабаси Идаев Мират, 2 ўрин ғолиби қорақаплоқ филологияси факультети 1 курс талабаси Уразбаева Мийригул, 3 ўрин ғолиби қорақаплоқ филологияси факультети 2 курс талабаси Балтабаева Наргиза.
Мазкур танловларнинг ғолиблари университетимизда тил байрамига бағишлаб ўтказиладиган байрам кечаси куни тақдирланади.
Сахибжамал Есемуратова