Азалдан қардош Озарбайжон ва Ўзбекистон халқларининг маданияти, тили, урф-одатлари бир-бирига ўхшаш. Икки миллатнинг тарихий илдизлари бир булоқдан сув ичган десак янглишмаган бўламиз.
Узер Гажибековнинг Озарбайжон халқининг тарихий урф-одатларини акс эттирувчи «Аршин Мал Алан» бадиий фильмини ва ундаги барча қўшиқларни ўзбекистонликлар мароқ билан тинглашади.
Ўзбек ва Озарбайжон халқларининг дўстлиги узоқ асрларга, бир неча минг йилларга бориб тақалади.
1999 йили 23 июль санасида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан
Озарбайжон Республикаси ҳукумати ўртасида «Элчихоналар фаолиятига тааллуқли масалаларни ўзаро тартибга солиш тўғрисида»ги битимнинг тузилиши икки миллат дўстлигининг рамзий белгиси бўлди. Мазкур битим 2000 йил 30 октябрдан кучга кирган.
Битимга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Боку шаҳридаги Элчихонаси, Озарбайжон Республикасининг Тошкент шаҳридаги Элчихонаси фаолиятига тааллуқли масалаларни тартибга солиниши режалаштирилган. Шунингдек, икки давлатнинг элчихоналари учун ажратилган ер участкаларини бир-бирларига 49 йил муддатга беришга келишдилар. Ўйлаймизки, бу каби битимлар нафақат 49 йил балки, ундан ҳам кўпроқ вақт давом этади.
Ўзбекистонда Озарбайжон элчихонаси ва маданият маркази томонидан кўпгина тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. 2016 йили март ойида Ўзбекистон давлат консерваториясида Узер Гажибеков номида Ўзбекистон-Озарбайжон Маданият хонасининг очилиши ўзбек халқига Озарбайжон мусиқасидан баҳраманд бўлиш имкониятини берди. Маданият хонаси Ўзбекистон сахнасида Озарбайжон бастакорларининг асарлари қўйилишига хизмат қилиб келмоқда.
Айнан шу ойда юртимизда фаолият кўрсатаётган Озарбайжон Республикаси элчихонаси қошидаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказида таниқли Озарбайжон рассоми Юсиф Гусейнов яратган санъат асарлари кўргазмаси очилиш маросими ўтказилди. Озарбайжонли рассом яратган суратларда ҳаёт манзаралари, тинчлик ва осойишталик, меҳр-муҳаббат ва дўстлик муносабатлари алоҳида ўрин тутади.
Наврўз байрами ҳамма вақтда ҳам тинчлик, осо¬йишталик, дўстлик, юртга, она табиатга меҳр-муҳаббатнинг белгиси бўлиб келган. Қолаверса, Наврўз байрами нафақат Ўзбекистонликларнинг балки, мусулмонларнинг, барча туркий халқларнинг янги йил боши ҳисобланади. Мазкур байрамни Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатлар биргаликда кенг миқёсда нишонлашади. Шунингдек, ҳар йили Озарбайжон маданият марказида Наврўз тадбирлари ўтказилиб, улар оммавий ахборот воситаларида чоп этилади.
2009 йили Наврўз байрами Озарбайжоннинг ташаббуси билан ЮНЕСКО томонидан номоддий маданий мерос рўйхатига киритилган эди.
Шуни ҳам алоҳида айтиб ўтиш лозим, Тошкент шаҳри, Миробод туманида Ҳайдар Алиев, Озарбайжон давлатчилик тарихи, Озарбайжон ва Ўзбекистон муштарак дўстлик музейлари фаолият кўрсатади. Озарбайжон тарихи музейида Озарбайжоннинг харитаси, қадим ва ҳозирги даври ҳақида маълумот берувчи фотосуратлар жой олган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон дўстлик музейида икки халқ ўртасидаги муносабатлар билан боғлиқ экспонатлар ҳам ўрин олган.
Сўнги йилларда Ҳайдар Алиев номидаги Маданият марказининг лойиҳаси билан озарбайжон шоир ва ёзувчиларнинг китоблари чоп этилиб келинмоқда. Озар адабиётининг улуғ вакили Муҳаммад Фузулийнинг «Қалб гавҳари», Анор, Юнус Ўғуз, Парвин Нуралиеваларнинг ҳам китоблари нашр этилган. Мазкур марказда нафақат озар халқининг, балки ўзбек ёзувчи ва шоирлариниг ҳам китоблари чоп этилган. Рустам Жабборовнинг «Ҳозирги давр Озарбайжон ёзувчиларининг ҳикоялари», профессор Саодат Муҳамедованинг «Ўзбек ва Озарбайжон замонавий поэзиясининг хусусиятлари» китоблари шулар қаторига киради.
2017 йилнинг 12-15 июнь кунлари Ўзбекистондаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият марказининг ташаббуси билан Озарбайжон Миллий маданият маркази ва Самарқанд вилояти ҳокимияти ёрдамида Самарқанд шаҳрида Озарбайжон маданияти кунларининг ўтказилиши ҳам оммавий ахборот воситалари орқали намойиш қилинди. Тадбир давомида «Озарбайжон-Ўзбекистон маданий-адабий алоқалари» номли илмий-амалий конференция, китоб тақдимотлари, миллий кийимлар намойиши ўтказилди.
Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон Маданият маркази икки давлат ўртасидаги дўстлик муносабатларини мустаҳкамлаш ва Озарбайжон халқининг миллий урф-одатларини намоён қилиш учун кўпгина тадбирларни ташкиллаштириб келмоқда.
Мазкур марказ ёрдамида ўзбекистонлик бир қатор журналистлар Озарбайжонда бўлиб у ернинг бугунги ҳаёти, маданияти ва тарихий ёдгорликлари билан танишиб қайтишди.
Буюк ипак йўли бирлаштирган кўп миллатли ва очиқ кўнгил Озарбайжон ва Ўзбек халқининг бу каби маданий ва маънавий алоқалари асрлар давомида мустаҳкамланиб боришига ишонамиз.
Сахибжамал Есемуратова