Ҳар қандай иллатга қарши курашишда оммавиий ахборот воситаларининг ўрни беқиёсдир. Айниқса, гиёҳвандликка тиш-тирноғи билан қарши курашаётган мамлакатимизда бунинг гувоҳи бўлиб келяпмиз. Натижа ҳам шунга яраша ижобий, деб бемалол айта оламиз.
Мамлакатимиз шароитида телевидениеда берилаётган кўрсатувлар, ҳужжатли ва бадиий фильмларнинг таъсир доираси бошқа оммавий ахборот воситаларига нисбатан юқори. Чунки, унда бир пайтнинг ўзида лавҳа, овоз, шовқин ва матнли материаллар ёритила олади. Бундай дейишимизнинг яна бир сабаби, мамлакатимизда ҳамманинг уйида компьютери бўлмаса ҳам, телевизори бор… Биз иллат деб атаётган гиёҳвандлик балосига қарши курашишда ҳам телевидениемиз биринчи ўринда, дея бемалол айта оламиз.
Аммо, масаланинг иккинчи томони мени кўп ўйлантириб келмоқда. Телевидениеда гиёҳвандликка қарши видеороликлардан тортиб ҳужжатли ва бадиий фильмларгача барчасида бирдек сахна кўринишлари – гиёҳвандлик моддасини қошиққа солиб, тагига олов ёқиб, унни суюқ ҳолатга келтириб, жгутни олиб, томирини боғлаб, шприц ёрдамида тайёр бўлган суюқликни томирига юбораётгани… Ёки, қурутилган гиёҳвандлик моддасини қоғозга ўраб, ўт ёқиб, чекаётгани… ва ҳ.к.
Мана, сизга тарғиботу-ташвиқот! Гиёҳвандлик моддалардан қандай фойдаланамиз? деган саволга аниқ ва тўлиқ яна эффектив жавоб! Бу билан мен телевидениени қораламоқчи эмасман. Газета-журналларимизда ҳам ушбу аҳвол – шприц ушлаб, қўлига тиқаётган гиёҳвандларнинг суратлари мазкур тематикадаги материалларнинг деярлы барчасида учрашади.
Гиёҳвандликка қарши курашаманн, олдини олиб, тўхтатаман деб кайтанга уни кандай фойдаланишни ўргатиб қўяётганга ўхшаймиз.
Буларнинг ўрнига бошқача рамзий лавҳалардан фойдаланиш керак. Масалан, бу йўлнинг ўрни тўлмас йўқотишларга олиб келишини билдирадиган лавҳаларни бериш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Яна «қош қўяман деб, кўз чиқариб» олмайлик!
Ислам Матеков.