Ҳурматли Ёшлар иттифоқи, аввало сенлаб мурожаат қилаётганим учун узр, «туғилганингга» эндигина бир ой тўлгани учун сизлаб мурожаат қилгим келмади, қолаверса шунчагина яшаб ҳали бирор нарсани қойил ҳам қилиб қўйганинг йўқ, сени сизлай, десам. Хўш, янги исм-шариф билан яшаш қандай экан? Ўзингни қандай ҳис этаяпсан, қаерларда катта бўлаяпсан? Ҳалиям байрам, тадбир, танловлар ўтказиб ўзингни ўзинг ҳурсанд қилиб юрибсанми ёки зиммангга Юртбоши юклаган вазифаларни бажаришга киришиб улгурдингми. Лекин негадир бирор ишингни кўрганим, эшитганим йўқ. Ҳа, майли, энди иш бошладингку ахир. Аммо шундай бўлсаям тезроқ сени ёшлар орасида, қишлоқларда, маҳаллаларда, иш излаётган ёшлар олдида, ўқишга кираётганда ноҳақликка учраб, додини кимга айтишни билмаётган абитуриент қаршисида, бир неча чақиримдан уйига сув ташиётган ёш келинчак ёки бўй етган қизлар ёнида, ўқитувчиси металлом олиб келмасанг дарсга келма, деб дарсдан чиқариб юборган мактаб (коллеж) ўқувчиси билан бир сафда кўргим келади. Эшитгандирсан, яқинда бир коллеж ўқувчисини дўппослаб ўлдиришди тенгдошлари, Худо кўрсатмасину, шунга ўхшаш ҳолатлар рўй берса жим қараб турма, ўз муносабатингни билдир, аниқ позициянгни кўрсат, ёшлар билан боғлиқ ҳар қандай умуммиллий, умумдавлат миқёсидаги ҳодиса, катта шов-шувларга сабаб бўлаётган воқеалар бўйича баёнот бер. Ёшлик, ғўрлик қилиб хатога йўқ қўйган тенгдошингга далда бер, унинг қўлидан ушлаб, судялар, терговчилар, прокурорлар, жазони ижро этиш колонияси ходимларини бошқа бундай иш қилмасликка ишонтир, унга имкон беришларини сўра! Қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлганларга катта йўлда мададкор бўл! Бизнес қилмоқчи бўлса маслаҳат бер, ёрдам қўлини чўз, ишга кирмоқчи бўлса қўллаб юбор, у ҳам шу эл, шу юртнинг фарзанди ахир, унинг тақдирига жим қараб турма!
Ҳеч кўрганмисан, қишлоқларда, маҳаллаларда ёшлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб нималарнидир гурунглашиб ўтиради. Улар ёнига секин бор, улар билан ўзларининг тилида суҳбатлаш, дарди, эҳтиёжи, талаб ва фикрлари билан қизиқ, балки орасида бўлғуси Ибн Сино, Беруний, ўзимизнинг Стив Жобс, Илон Масклар бордир. Қайсидир бири спортга, бошқаси ҳунармандчиликка қизиқар, бировига тадбиркорлик билан шуғулланишга бошланғич маблағ керакдир, ишни нимадан бошлашни билмаётгандир балки. Ўзингча мактаб-коллежни битирганлар нима қилаётгани билан қизиқиб кўр. Қандай ёрдам кераклигини сўра. Шундай ёшлар борки, улар бирор нарса сўраб бормайди, табиати шунақа. Лекин биргина ёрдаминг билан оламшумул ишларни қилишга қодир бўлиши мумкин.
Яна бир гап, тенгдошларинг орасида ўз жонига қасд қиладиганлар кўпайиб бораяпти. Психологлар, социологлар, педагоглар билан ундай ёшларни олдиндан аниқлаш, улар билан ишлаш механизмларини ишлаб чиқ, боши берк кўчага кириб қолган ёшлар, ўсмирлар учун «горячий линия» (тезкор боғланиш) ташкил эт, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, чуқур кризисдан олиб чиқиш йўлларини топ. Бунда, сенга маслаҳатим, Мирзакарим Норбеков усулидан фойдаланиш катта самара беради. Унинг Тошкентдаги маркази билан ҳамкорлик алоқасини ўрнат, Норбеков усули нафақат турли муаммолар гирдобида қолганлар, балки ҳар қандай сафдошинг учун фойдали.
Олис туман, қишлоқ ва маҳаллаларда ёшлар муаммоларини ўрганиш бўйича сўровномалар ўтказиб тур тез-тез. Ўша жойдаги реал натижаларингга қараб ишингга баҳо бер. Катта шаҳарларда ҳаёт қизғин, имкониятлар кўп, ёшларнинг кўпи ёрдамингсиз ҳам ўз йўлини топиб олади, аммо қишлоқларда ресурслар чекланган, эътибор кам, имкониятлар етарли эмас. Сен айнан ўша жойларда кўпроқ кераксан!
Яна бир илтимос, оммавий тадбирларингни камайтир. Индивидуал ишларинг сенгга кўпроқ очко одиб келади, шуни унутма! Битта бўлса ёшни қўллаб, ҳаётда чинакам ўрнини топишида кўмаклашинг ўнта тадбир ўтказиб, ёшларни ўқишдан, ишдан қолдирганингдан фойдали.
Айтганча, селфипараст, ўйин-кулгу, еб-ичишга ишқибоз, тадбирбоз, нонхўрак аъзолардан узоқроқ юр, улар сени айнитиб, номингни булғайди холос. Уларнинг хусусияти қуйидагиларда кўринади: гапга чечан, пахта қўйиш, ялтоқланишга уста, ҳамма тадбирда қатнашгиси келади (гарчи йўналиши, соҳаси мутлақо тўғри келмаса ҳам), ваъдабоз, дангаса, ўйин-кулгуга ўч, ўзини ҳар куйга солиб расмга тушувчи ваҳоказо.
Қолган гапларимни вақти соати келганда айтарман, ҳозирча шу.
Санжар СаидFayzbog.uz сайтидан
олинди.