Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг мажлислар залида мамлакатимизга хорижий инвестицияларни жалб қилиш, чет эл инвестицияси иштирокидаги корхоналар фаолиятини ривожлантириш масаласида тадбиркорлик субъектлари билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Б.Хабибуллаев, Давлат божхона қўмитаси Раис ўринбосари А.Д.Асамов, Қорақалпоғистон Республикаси прокурори ўринбосари Я.Бабаджанов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Кичик саноат зоналари дирекцияси директори Х.Кайпбергеновлар иштирок этишди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раҳбарлигида 2018 йил 21 июнь куни инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари рўйхатига киритилган лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш чоралари натижадорлиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида бевосита божхона органларига берилган топшириқлар тўғрисида тушунтириб ўтилди.
Шунингдек, тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 январдаги “Мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини талаб юқори бўлган маҳсулот ва хом ашё турлари билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3479-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5326-сон Фармони юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, иш фаолиятини янгидан бошлаётган ҳамда ўз фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида бўлган ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига аниқ таклифлар бериб ўтилди.
Тадбиркорлик субъектлари ўзларини қизиқтирган саволлари, фаолиятлари давомида учраётган муаммоли масалалар юзасидан аниқ ечим ҳамда божхона соҳасига оид янги қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан барча саволларга батафсил жавоблар олдилар.
Учрашувдан сўнг, Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган “Samsung Нукус” Корея-Ўзбекистон қўшма корхонаси фаолияти билан танишди.
Ушбу ташкилот 2018 йил янги турдаги 60 минг дона телевизор ва 100 минг дона чангютгич, 100 минг дона микротўлқинли печь ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилган. Корхонада ҳозирги вақтда 59 нафар ходим иш билан таъминланган.
Шунингдек, иштирокчилар “Нукус электроаппарат” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги қўшма корхона фаолияти билан танишди.
Ислам Матеков.