Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари, техник ходимлари ва талаба-ёшлари юртимизда 18-19 август кунлари умумхалқ хайрия ҳашари кунларида ўз фаоллигини намоён этмоқда.
Бугун – 18 август куни эрталабдан институтнинг 400 га яқин профессор-ўқитувчилари, 500 дан зиёд техник ходимлари институт жойлашган минтақа ва Билимлар кўчаси атрофларида ободонлаштириш, ёввойи ўт-ўланлардан тозалаш, дарахтларни оқлаш, чиқиндиларни махсус автомашиналар ёрдамида тегишли жойларга олиб бориш каби ишларни бажармоқда.
Институт Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг фаол аъзолари ва ўз ташаббуслари билан чиққан 70 дан зиёд талаба-ёшлар Нукус шаҳри марказида жойлашган Амир Темур номидаги истироҳат марказида ободонлаштириш ишларини олиб бормоқда.
Институт ректори ташаббуси билан, умумхалқ хайрия ҳашари кунлари юртимизни обод қилишга ўз ҳиссаларини кўшиб келаётган институт профессор-ўқитувчилари, техник ходимлари, талаба-ёшлари, шунингдек, мана шундай хайрли ишларда бор куч-ғайратини намоён қилаётган халқимиз учун жойларда катта қозонларда овқат пиширилиб, байрам дастурхони ёйилмоқда.
Хуллас, умумхалқ хайрия ҳашари юртимизда байрам олдидан яна бир байрамга айланди.
Ислам Матеков.Сайтимизнинг телеграмдаги каналига аъзо бўлинг: https://t.me/karinformuz