Президент Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни олий таълим соҳасини янада ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиев ўз каналида маълум қилди.
– Иқтисодиёт шиддат билан ривожланаётган бир пайтда олий таълим тизими тараққиётнинг локомотиви бўлиш ўрнига, замон билан ҳамқадам бўлмаётгани ачинарлидир. Меҳнат бозоридаги таркибий ўзгаришларга жавоб берадиган, ёшларимизга касб-ҳунар ўргатадиган, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантирадиган тизим йўқ десак, бу ҳам аччиқ ҳақиқат, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис соҳадаги кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни бажариш юзасидан қуйидаги топшириқлар берилди:
- талабалар қабулининг соддалашган тизимини жорий этиш орқали қабул жараёнини квота тизимидан давлат буюртмаси ва табақалашган тўлов-контракт тизимига ўтказиш;
- ОТМларнинг халқаро нуфузини ошириш, педагог кадрларнинг илмий-педагогик фаолиятини муносиб рағбатлантириш мақсадида марказлашган молиялаштиришдан ўз-ўзини молиялаштириш ва иқтисодий мустақил тизимга ўтиш;
- ректорлар ва проректорларни тайинлашни соддалаштириш, профессор-ўқитувчилар фаолиятини доимий баҳолаш, манзилли рағбатлантириш, масъулият ва жавобгарлигини ошириш тизимини яратиш;
- Ўзбекистон ректорлар кенгаши фаолиятини ҳам тубдан такомиллаштириш;
- ректорлар малакасини баҳолаш, бунда уларнинг маънавий-маърифий ва илмий салоҳиятига алоҳида эътибор қаратиш;
- хорижда таҳсил олаётган ёшларнинг Ватанимизга қайтиб келишига шароит яратиш мақсадида хорижий ОТМлар дипломларини тан олиш ва нострификация қилиш тартибини янада соддалаштириш;
- талабалар билимини баҳолаш, ўқув дастурлари ҳамда мавжуд таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш.
Ислам Матеков.Сайтимизнинг телеграмдаги каналига аъзо бўлинг: https://t.me/karinformuz